БЛОГ. Миллий анъаналар қачон ақлга, илмга тўғри келади?

Сана: 22.04.2017 / Рукн: Блог

Миллий анъаналар бардавомлигини сақлашимиз керак дейдилар. Анъана муайян одат ёки турмуш тарзининг авлодлар оша такрорланишидир. Агар муайян анъана минг йиллар давомида бирор миллатга хизмат қилган бўлса, бу ўша анъана бундан кейин ҳам хизмат қилишига кафолатми? Бирор нарсага баҳо берилаётганда унинг миллий анъанага мувофиқ ёки мувофиқмаслиги айтилади.

Масалан, Х бизнинг анъанларимизга тескари, шунинг учун ундан воз кечиш керак. Y миллий анъанларимизга мос, шунинг учун уни ривожлантиришимиз керак ва ҳ.к. Миллий анъананинг ўзини баҳолаш мезони ёки методи борми? Дейлик, бизнинг бу анъанамиз Х га зид, шунинг учун бу анъандан воз кечишимиз керак ва ҳ.к. Анъанлардан устун турувчи, бизни янгича, мутараққий келажакка бошловчи ана ўша Х мезон ёки асос ҳақида бизнинг консерватор миллий мафкурачиларимиз ҳам, диний уламоларимизу зиёлиларимиз ҳам тайинли фикр айтмаяпти, менимча.

Ҳамма фақат бир нарсани такрорлайди: бу миллий қадрият ва анъаналаримизга зид ва ҳ.к. Қачон бу ақлга, илмга зид ёки тўғри келади, деган гапларни эшитарканмиз-а?!

Менимча, хали-бери эшитмаймиз. Чунки «ақлга ёки илмга зид» деган гап бахс-мунозарага сабаб бўлади. Асослаш керак бўлади. Асослаш чоғида ёлғон-яшиқ даъволар очилиб қолади. Шунинг учун мужмалроқ, аммо осонроқ тактика танланади – миллий қадриятлар ва анъаналар. Миллий анъанлар баҳонасида ҳар қандай ҳурфикрли, билимдон одамни миллат душманига чиқариш, ҳар қандай скептикни кўпчиликнинг кўзига бузғунчи қилиб кўрсатиш, овозини ўчириш мумкин. Миллий анъаналар баҳонасида ҳар қандай чаласавод шарлатан миллат лидерига айланиши мумкин.

Нима учун миллий анъана ва қадриятларга урғу беряпман? Шунинг учунки, ТВни кўринг, матбуотга назар ташланг. Илм-фан, рационаллик, муаммоларга янгича ечим ҳақида деярли гапирилмайди. Аксинча, муаммонинг ечимини ўтмишдан ахтарилади. Демократик, фуқаролик жамияти қуриш ҳақида ўтмишда ўтган ҳукмдорларнинг гапларидан иқтибос олинади. Ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ муаммо гапирилса, Ўрта асрда яшаган бирор мутафаккир ўгити айтилади. Гўё ўша мутафаккир ижтимоий тармоқларнинг жамиятга таъсиридан бохабар бўлгандек. Биз янгича, глобаллашган дунёда яшаётганимизни ҳис қилмайдиларми, билмадим яна.

Хуршид Йўлдошев

Тавсия этинг:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • RSS
  • Одноклассники

Sidebar