Аллоҳ билан алдагувчи дин пешвоси

Сана: 28.05.2017 / Рукн: Мақолалар

Бир дуо тингладим бугун эрталаб
«Балъомлар шарридан сақлагил, ё Раб…»

«Балъом» ким?

Балъом – Аллоҳ билан алдагувчи дин олимларининг каттасига берилган ном. Аллоҳ билан алдагувчи тоифа ҳақида самовий китобларнинг барчасида сўз юритилганига қарамай, бугун «Балъом»лар ҳақида на жума ваъзларида, на диний дарсларда сўз қилинмайди. Қуръонда алоҳида мавзу этилган бу характер бугун деярли унутилган, унуттирилгандир.
Аммо бу дегани, биз ҳам унутсак бўлади, дегани эмас албатта.
«Балъом» характерини бугун бошқа исмлар билан ҳам ифода этилади – «Сарой муллалари», «Золимларнинг олимлари», «Муршид қиёфасидаги муршиклар», «Идрис ниқобли иблислар» ва ш.к.
Инсоният тарихи бўйича куч-иқтидор ва мулк кимнинг қўлига ўтса, халқни ўзига итоат эттириш учун атрофига биринчи бўлиб дин пешволарини олади. Зеро ўз тахти ва ҳукмини оқлаш лозим, халқ кўзида машруъ, ҳатто илоҳий тақдир эканига кўндириш лозим, ва бунинг учун мутлақо бирор ДИН ижод этиш лозим. Сарой ва иқтидор фақат мана шу мақсаддагина рухсат беради динга, ва рухсат бергани дин фақат мана шу йўсиндаги дин бўла олади…
Қисқа вақтда атрофида «шайхлар» урчийди. Сарой ва иқтидор мулласиз бир кун ҳам оёқда қололмайди. Машруъликларини дин орқали таъйин этиш учун «сарой муллаларига» эҳтиёжи бор. Улар «Аллоҳ билан алдамоқ» (Фотир:5) ҳийла механизми орқали ҳалқни итоатда тутади, «улул-амр» оятларини замон зўрига мослаб буриб бераверади.
Мусулмон тарихида, айниқса Уммавийлар, Аббосийлар, Усмонлилар ва улардан кейин ҳам, Аллоҳ билан алдагувчилардан ҳеч қутула олмади бу уммат. Султон суфраларида иқболу-иззат кўрдими, мошшооллоҳ! қўзиқорин каби кўпаяди улар…

***

Ҳолбуки, халқ ва умуман инсоният ҳақида сўз айтувчи ҳар фаол – хоҳ диндор, хоҳ интеллектуал, хоҳ адиб – ҳукмдорга, иқтидорга, куч ва мулк эгаларига нисбатан доим мухолиф туриши керак эди. Зеро Аллоҳ, Китоб ва келиб-кетган ҳар бир Пайғамбар айнан шу тарафда, доим оддий халқнинг ёнида, мазлум ва маҳрумларнинг дардини ифода этиб ва доим муқтадирларга қарши жабҳада ўрин олади.
Бугун буни ифода этиши кутилган қатлам бу – адиблар, шоирлар, санъаткорлар ва диний олимлар тоифасидир. Агар бир ўлкада «Ҳокимларга» танқидлар бу тоифадан келмаётган бўлса, агар булар ҳам сарой хизматкорларига айланган бўлса, демакки, бу ўлкада адолат ва ҳаёт қолмаган, шунчаки бир ўликлар жамоасига айланиб бўлгандир.
Бир миллатда зулм ва истибдод авжга чиқаркан, миллат ичидан қалами ўткир адиблар, ҳаққни ҳайкирувчи шоирлар, халқ дардини тараннум этувчи санъаткорлар ва мухолиф сўзли олимлар чиқмаётган бўлса, демакки, бу миллатда тарих саҳнасидан чекиниш, аниқроғи, интиҳонинг ибтидоси бошланибди. Зеро, адиб тафаккур беради, шоир эса ҳаяжон, санъаткор намуна модели яратади, олим машъал тутади, чиқиш йўлини кўрсатади. Сиёсатчилар ҳам бундай тушунчаларни, ҳаяжонларни, ижодларни излаб тополмай юради… Бундай миллат ҳар қандай STATUS-QUOни енгиб ўтади, кишанларни узади, қолипларни парчалайди ва ҳуррият елканини очади. Ўтмишга бир назар солинг, ҳар сафар шундай бўлган.
Бир ўлкада Мутафаккир, Адиб ёки Олим деб кимга айтилади? «Кучли ё пулдор» ким бўлса, ўшанга қарши тик қарай олган ва уни қўрқмасдан танқид қила олганга. Кучлига ялтоқланиб, пулдорга суйкалиб, қорин тўйғазиш пайида бўлса, уларни содда қилиб ялоқхўр дейилади. Шундай экан, бошимизга Ҳазрати Абу Бакр келса ҳам, олим ва мутафаккир кишилар доимо мухолиф туришини сақлай олиши лозим. Зеро ким бўлишидан қатъи назар, иқтидор ва мулк учун энг фойдали ва унинг энг муҳтож бўлгани малҳам – танқиддир.

***

Мусулмон зеҳниятда «Балъом» исми билан ўрин олган дин пешвоси образи, доимо султон, ҳукмдор, бойлик ва айниқса сиёсий иқтидор билан боғланиши бежиз эмас. Чунки «Китоб»да шундай келади.

«Уларга хабар бер: Бир кимса бор эди, у оятларимизни билгани ҳолда, улардан четланди, шайтонга эргашди, ва йўлдан озди. Биз хоҳласак уни оятлар ила юксалтирган бўлардик. Бироқ кўзини тубан ҳаёт тўлдирди ва ўз шахсий манфаатларига эргашди. Бундайларинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади, ўз ҳолига қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Мана шу – оятларимизни ёлғонга чиқаргувчиларнинг мисоли. Англат уларга ушбу хабарни, шояд тафаккур қилсалар» (Аъроф:175-176)

Кўриб турганимиздек, бу оятларда исми берилмасдан, типологик характер тарзида чизиб берилмоқда. Ушбу характернинг асосий сифатлари шу:

1 – У Аллоҳнинг оятларини билади, аммо илмига амал қилмайди,
2 – Шайтонга эгашади, яъни ҳаққ йўлдан оздирувчиларга бўйсунади,
3 – Ҳаёти дунё, яъни куч ва иқтидор ҳавасидаги тубан ҳаёт ҳирси унинг кўзини кўр қилган,
4 – Ўз ҳавои-нафсига, яъни шахсий манфаатлари ортига тушган,
5 – Унинг табиати ит кабидир, бир парча суяк илинжида ҳар қандай пасткашликка ҳозиру-нозир бўлади бу дин пешволари.

Оятларни жуда яхши билгани, диний матнлардан воқиф бўлгани билан, илмига амал қилмайди, натижада олган илми уни «Фазилат ва яхшиликка» эмас, аксинча бойлик, мақом-мавқе ва шуҳрат орттиришга хизмат қилади; шайтонга эргашиб йўлдан озади, қўлга киритганлари боис ҳаддидан ошади; мол-дунё ҳирси ақлдан устун келган, хаво ва ҳавасларга берилиб, орзу ва истакларини жиловлай ололмайди; табиатан итмижоз бўлгани учун, бериб турган пулдор ва ҳукмдорнинг эшигидан ҳалққа қараб вовуллаб тураверади…
Оятда келган «ахлада илал-арз» калимасининг яна бир маъноси «бир кентда/ўлкада (арз) битмас мулк ва туганмас иқтидор (хулд) орзуси» демакдир. Зеро Аъроф сурасида бу қуйидагича очиқланган: «Раббингиз сизга нима учун бу дарахтни таъқиқлади, деб ўйлайсиз? Ундан есангиз, икки малак (малакайн) бўлиб қолурсиз, ёки абадийлашурсиз (холидин)» (7/20) каби шайтоннинг бу шивирлаши нима эди? Бу оятлар Тоҳа сурасида шундай тафсир этилади: «Эй Одам, сенга абадият шажараси (шажаратул-хулд) ва йиқилмас бир ҳукмронлик (мулкун ла йаблаа) йўлини кўрсатайми?» (20/120)…
Умуман ўлароқ инсонларнинг, хусусан ўлароқ эса «Балъом»нинг оёғини тойдирган сабаб айнан мана шудир, Хулд ҳирси ва Мулк орзуси… Яъни куч, бойлик, иқтидор ва ҳукмдорлик ҳирси…
Бу, давлат мақомларида, офис тўрларида, лавозим курсиларида, ҳалқ тарафидан таъзим ва салом ила кутиб олинган мавқеларда бўй кўрсатадиган ва татган сайин лаззати ортадиган иқтидор ва мулк шаҳватидир. Иктидор билан шаҳват орасида бу тур тўғридан алоқа мавжуд. Иқтидорда буйруқ бераркан, худди шаҳватда оргазм оларкан, одам нимани хис этса, хулд ва мулк (йиқилмас бир ҳукмронлик) туйғусидан ҳам унинг бир навъи ўхшаш туйғуларни яшайди.
Шунинг учун ҳам хулд ва мулк йўлида «Балъом»лар ақли ҳирсига мағлуб бўлгандир. Диний илмлари энди фақат «Аллоҳ билан алдамоқ» мақсадига ишлайди. «Аллоҳ» дейишдан мақсад энди фақат иқтидор, бойлик ва ҳукмронлик (хулд ва мулк)…

***

«Балъом» – Тавротда зикри келган дин олимининг исми. Мусо а.с.ни сотиб, душман қирол саройига хизматкор бўлади. Саройда меҳмон қилинади, қорни тўйдирилиб, тортиқлар билан сийланади; натижада Мусо а.с.га қарши дуолар ўқиб, инсонларни Аллоҳ билан алдашнинг классик намунасини кўрсатади. (Саҳрода: 22-24)
Али, ибн Умар, ибн Аббос, Мужоҳид, Икрима ва аксарият муфассирлар, юқоридаги оятда мазкур шахсни, Бани Исроил олимларидан мана шу Балъом бин Баур эканини айтганлар.
Бошқа бир раъйга кўра, оятда зикр этилган кимса, дин олими Маккалик роҳиб Абу Омир. Мужоҳид, Абдуллоҳ ибн Амр, Калбий эса «Бу кимса Умайя бин Абу Салт эди» дейишади. Саид бин Мусайяб эса Абу Омир дейди.
Исмлар даражасига тушмаймиз, зеро буларнинг муштарак сифати «замоннинг зўрига ялоқхўр» хоин ва лаганбардор дин олими типидир.
Масалан, Балъом бин Баура бир замонлар Мўав қироли саройида қорни тўйдирилгани каби, Маккалик роҳиб Абу Омир ҳам Византия саройларида «меҳмон» қилинган. Чунки у ҳам «абадият шажараси» ва «йиқилмас ҳукмронлик»ни ўша ерларда кўрган, ахтарган бири эди. Шайтон унинг ҳам оёғини шу тарзда тойдирган ва ҳирси ғолиб келган «сарой муллалари»дан бири бўлган эди.
Маккалик роҳиб Абу Омир, Сурияга йўлга чиқиб, «арслонли йўллардан» босиб ўтиб, Византия «соя ҳукумати» билан сирли тил бириктиради. Византия лашкарини даъват қилиб, Мадинани ишғол этишга чақиради. Шу билан «Муҳаммад балосидан» абадул-абад қутулмоқчи бўлади ва Мадинани Византия бошқарувига топширмоқчи бўлади. Мадинадаги ўз одамларига хабар йўллаб, Пайғамбар масжиди қаршисига ўз «маъбадини» ҳам тиктиради. Византия лашкари билан бирга келганида, уни у ерда тантанали кутиб олиш режаланган эди.
Пайғамбаримиз бунга жавобан машҳур Табук сафарига чиқади. 30.000 киши билан Сурияда Абу Омирни меҳмон қилган Византия саройларига юриш бошлайди. Табукка келгач, маълум бўладики, Византия ишғол режасидан воз кечибди. Пайғамбаримиз Мадинага қайтар-қайтмас, биринчи қилган иши – Абу Омир маъбадини йиқади. Инсонларга зарар бермоқ учун барпо этилган бу маъбадга «Масжиди-Зирор» (Тавба:9/107) дейилди, балъомларнинг қургани ҳар қандай маъбаднинг Қиёматгача оладигани номи шу бўлиб қолди.

Шу билан бирга, худди Исо а.с. тарихда «маъбадга босқин қилган пайғамбар» (Матто: 21/12-13) номи билан қолганидек, Муҳаммад а.с. ҳам «масжид бузган пайғамбар» (Бухорий, Тажрид-и-Сариҳ, 10,422) сифатида қолди. Зеро Исо а.с. давридаги Балъомлар Рум иқтидори хизматида, Муҳаммад а.с. давридаги Балъомлар эса Византия хизматида эдилар.
Демак, устида тафаккур қилишимиз керак бўлган характер, исм, макон ва замон берилмасдан ҳам тушунарли бўлганидек, ҳар бир асрда, ҳар даврда учрайдиган типлардир… Ўз манфаати йўлида халқни Аллоҳнинг оятлари билан алдайдиган тоифа…
Бу тоифа, оятларни имон ва ибодат учун эмас, тирикчилик учун ўқийди. Аллоҳнинг китобини ҳаёт эмас, маъбад китоби ўлароқ англайди. Уларнинг аксарияти сарой уламосидир. Қиролларнинг, султонларнинг суфрасидан турмайди. Улар қаршисида лаганбардор, динни уларнинг хизматига буриб берадилар. Асосий иши муқтадирга хизмат учун диндан «далиллар» топиш, бунинг эвазини ортиғи билан олишдир. Аллоҳнинг оятларини яхши биладилар, аммо уларга амал қилишдан бенасиблар. Илм инсонни етиштириб камолотга элтувчи бир фазилат деб эмас, мол-мулк ва халқ устидан таҳаккум василаси ўлароқ кўрадилар. Илоҳий илмларни ҳам бу кучга эришиш учун ўрганадилар. Асл дардлари «Тангри билан бирга бўлмоқ» эмас, «Тангри билан бирдай бўлмоқ»дир. Шунинг учун, Аллоҳга эмас, куч ва мол-мулкка топинадилар. Куч кимда бўлса, унинг вафодор итлари бўлади, қувсанг ҳам, қувмасанг ҳам тилини осилтириб тураверади, вовуллаш ва қопишдан бошқа ишга ярамайди. Чунки табиатлари кўппак табиатлидир. Иқтидорга ҳизматни ва кучлиларга садоқатни ва уларга итликни иззат-обрў ва улкан шараф деб кўрадилар.
Қизиғи шундаки, Қуръондаги танқидларнинг энг оғири ва энг қўполи – мана шу дин пешволарини қораловчи оятлардир. Маълумки, Қуръонда «тилини осилтирган кўппак» ёки «ҳайвондан баттар тубан» каби ўхшатишлар келади. Бу оятлар мана шу тоифа – кўзлари дунё ҳирсидан кўр бўлган «ялоқхўр дин пешволари» тасвир этилган отлардир (Аъроф:7/176-179). Шунинг учун, бу матнимизда «кўппак», «ит» «ҳайвон» ва ҳ.к. дея ҳақоратли ифодаларни ишлатишимизни нормал қабул этиш лозим, чунки «Китоб»да бор!

***

Хўш, «Аллоҳ, Китоб, Пайғамбар» деган ҳар воъизнинг қай бири Аллоҳ билан алдайди, қай бири алдамайди? Буни қандай билса бўлади? Бунинг бир ўлчови бўлиши керак эмасми?

Қуръондаги огоҳлантириш… Булар дин номидан ҳалқнинг пулини ейди, олтин ва кумушни йиғади ва инсонларни Аллоҳнинг кўрсатиб берган йўлидан тўсади ва динни иқтидор эгалари (куч ва мол-мулк эгалари) манфаатига буриб мослаштириб бераверади. Ҳақ билан ботилни, тўғри билан эгрини, ҳақиқийси билан сохтани бир-бирига қориштиради. Ўзлари қилмайдиган нарсаларни бошқаларга амр этади. Аллоҳнинг оятларини оз бир қийматга сотади. (Тавба:9/34, Бақара:2/41-44).

Исо а.с.нинг Инжилдаги огоҳлантириши… «Буларнинг айтганини тутинглар, аммо юрган йўлидан юрмангиз. Чунки оғизларидан чиройли сўзлар чиқади, аммо уларга амал қилмайдиган биринчи ўзларидир. Инсонларни ўз динига киритиш учун қитъалар кезади, аммо динларига кирганни икки карра кофир қилади. Товоқнинг четини яхшилаб тозалайди, аммо товоқнинг ичидагини бошқаси бирла бўлишмоқни ҳеч ўйламаслар. Маъбадларнинг энг тўрига ўтиришдан, майдонларда саломланишни хуш кўрадилар. Инсонларга ташиб бўлмас юклар юклайди, ўзлари эса бу юкларни ташиш учун бармоғини ҳам қимирлатмаслар. Ҳам пайғамбарини қатл этадилар, сўнг мақбаралар тикиб, бойлик орттирадилар. Мухотабининг оғзидан чиқадиган бир сўз билан уни такфир этиб, кофир эълон этиб, тузоққа туширмоқ учун фурсат пойлайдилар. Аллоҳнинг уйини «олди-сотди бозори» ва «қароқчилар ини»га айлантирурлар». (Марк:11-15-17, Лука:11-37-83)

Демакки, дин пешвосининг алдаётган-алдамаётганини фарқлаш учун, учун минбардаги ваъзларига эмас, виртуал тармоқларда ёзиб-чизганларига эмас, аксинча, реал ҳаётдаги амалларига, кундалик яшаш тарзига, қайдан топиб қайга сарфлаётганига, Аллоҳнинг ҳаққ динини айтаяптими ёки саройдан келган матнни ўқиб бераяптими, шунга қараймиз…
Макка даврида (мухолифатда) қандай бўлса, Мадина даврида ҳам (иқтидорда) айни тарзда яшаб-яшамаганига қараймиз… Бойлик орттириш (такосур), мулк ва иқтидорга (шажаратул-хулд ва мулкун лаа йаблаа) муносабати графигининг чиқиш-пасайишларини кузатиб борамиз… Аллоҳ, Китоб, Пайғамбар дея-дея нималарга эга бўлишди? Келганида нимаси бор эди, кетаётиб нималар қолдирди? «Бир-икки тобоқ ва бир Китоб»ми, йўқса Қорун карвони тўла олтинларми? Ана шунга қараймиз…
Энг аввало «дин», ва албатта бошқа барча «халқ ва жамият» даъвоси билан чиқувчиларга худди шундай қараймиз. Келганда Ҳорун каби, кетганда Қорун кабими-йўқми? Мана шудир ўлчовимиз…

***

Али Шариатийнинг ўша унутилмас учлиги билан айтадиган бўлсак, тарих мобайнида СИЁСИЙ ва ҲАРБИЙ кучнинг тимсоли бўлмиш Фиръавн, САРМОЯ кучининг тимсоли бўлмиш Қорун, ва буларга вафодор итлик этиб, Аллоҳ билан алдагувчи ДИН ПЕШВОСИ тимсоли бўлмиш Балъом, мусулмон ақллардан ҳеч чиқмади ва чиқмаяжакдир!
Демак, Аллоҳ билан алдамоқ, аслида, Балъомлар орқали амалга ошириб келинган ва оширилади… Уларни яхшилаб таниб олмас экан, бу умматнинг алданиши давом этаверади.

İhsan Eliaçık
Туркчадан Камолиддин Йўлдош эркин таржимаси

Манба

Тавсия этинг:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • RSS
  • Одноклассники

Sidebar