Ибодат нима? Ибодатнинг шакли бўладими?

Сана: 2.06.2017 / Рукн: Таҳлил

Ибодат калимаси бошқа тилларга арабчадан ўтган. Ибодат – Қуллиқ қилиш, Ибодат қилувчи Обид эса Қул дегани.

Қуръонда Зориёт:56-оятда яратилиш мақсадимиз Ибодат этмоқ, яъни Қуллик қилмоқ эканини кўрамиз.

«Ва Мен инс ва жиннларни (кўринган-кўринмаган, билинган-билинмаган барча махлуқотни) Менга қуллик-ибодат қилсин, дея яратдим».

Бу оятдаги Қуллик қилиш ифодасидан мақсад «Фақат Аллоҳгагина қул бўлмоқ» эканини Баййина:5-оятдан ўрганамиз.

«Ва улар фақат Аллоҳга қуллик қилиш, динни Аллоҳга холис қилиб, ҳаниф бўлган ҳолда, закотни бериб салотни қоим этиш буюрилганди. Умрибоқий дин мана шудир».

(«Закотни бериш» феъли «Салотни барпо этиш» фаолиятининг таркибий қисми бўлгани учун, бу икки амр ёнма-ён зикр этилади. ВА билан боғланган феъл жумласи, ўзидан олдинги феълнинг кайфиятини, яъни қандай қилинишини очиқлайди. Шунинг учун, ВА боғловчиси таржима этиларкан, «Салотни барпо қил ва закотни бер» ифодасини «Закотни бериш орқали салотни барпо қил» тарзида таржима этмоқ лозим).

«Динни Аллоҳга холис қилган, яъни Ҳаниф бўлган ҳолда Аллоҳга Қуллик қилиш» ифодасидан шуни англаймизки, баъзи бировлар Аллоҳдан бошқаларга ҳам қул бўлиши эҳтимоли бор экан.

***

Арабчада Ибодат (Қул бўлиш) калимаси Рабб (Эга) сўзи билан ўзаро алоқадор: бир шахсни ё нарсани Рабб қилиб олди демак – унга Қул бўлди, унга қуллик қилди демакдир.

«Улар ўз дин пешволарини – аҳбор ва руҳбонларини – ва Масиҳ ибн Марямни Аллоҳдан ўзга Рабблар қилиб олишди. Ягона илоҳга Қул бўлишдан бошқа ҳеч бир буйруқ бўлмаганди уларга. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Уларнинг қўшган шерикларидан У пок ва олийдир». (Тавба:31)

Бу оятда Ширк, яъни Аллоҳга шерик қўшиш ҳам Ибодат, яъни Қуллик экани яққол кўриниб турибди. Бу оятда айни хатони биз ҳам такрорламаслигимиз учун «Аллоҳдан ўзгаларни Рабб қилиб олиш қандай бўлади?» деган саволнинг жавобини беради.

Яҳудий ва христиан дин пешволари динда ҳалол ва ҳаром қўйиш ваколатига эгамиз деб биларди, «буни қил, буни қилма» деган диний ҳукмларни улар беришарди. Одамлар ҳам динда уларнинг ҳукмига кўра амал қилишарди. Аллоҳ юборган ваҳйга эмас, балки дин пешволарининг тузиб бергани шариат ва мазҳабларга эргашишни Қуръон «дин пешволарини Аллоҳдан ўзга Рабблар қилиб олди», демоқда. Эҳтимол, одамлар буни ширк ва гуноҳ ўйламаган бўлиши мумкин, аммо бу билан ширк ўз-ўзидан кечирилиб қолмайди.

Хўп, Аллоҳ барча махлуқотни Ибодат/Қуллик учун яратган экан, бу қуллик вазифамизни қандай амалга оширамиз?

Бу саволнинг жавоби Тавба:31-оятнинг ўзида мавжуд: Дин пешволари тузиб берганига кўра эмас, балки Аллоҳнинг нозил этганига (ваҳй этганига кўра) ибодат/қуллик этмоғимиз лозим.

***

Аллоҳнинг ваҳй этганига кўра ибодат/қуллик қандай бўлади?

Бунинг жавобини Наҳл:68-оятда кўрамиз. Унда Аллоҳ Таоло ўз махлуқларига қандай вазифа юклагани, бу вазифани уларнинг потенциалига ўрнатганини, сўнгра ушбу яратилиш мақсадига кўра ҳаракат эттирганини «унга ваҳй қилди» дея зикр этади:

«Раббинг асаларига ваҳй қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва қурадиган уйларга уя солгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Раббинг осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!» Унинг қорнидан алвон рангли ичимлик асал чиқур. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилгувчи қавм учун оят-ибрат бордир» (Наҳл:68-69)

Бу оятларда асаларига қилинган ваҳйдан шуни кўрамизки, бир қулнинг ўз фитратига, яратилиш табиатига мувофиқ вазифасини, ўзидаги потенциални рўёбга чиқариши, (Аллоҳнинг буйруғига бўйсунган ҳолда) инсониятга ҳизмат этиши, мана шулар унинг қуллиги, яъни ибодатидир. Бир асаларининг бол тўплаши, бир дарахтнинг мева бериши ва ш.к.

***

Инсон қандай қуллик қилиши керак?

Инсон ўз Эгасига – Аллоҳга – қандай қуллик қилиши Нисо:36-оятда бирма-бир билдирилади:

«Аллоҳга қуллик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар.
Ота-онангизга,
қариндош-уруғларга,
етим ва мискинларга,
қариндош қўшни ва бегона қўшнига,
ёнингиздаги ҳамроҳингизга,
йўлда қолганларга, ишини битиролмаётганларга,
қўл остингиздагиларга яхшилик қилинглар…» (4:36)

Яхшилик деганимиз оятда «Эҳсон» шаклида келади, яъни ҳурмат, эҳтиром кўрсатган, масъулиятли муомала қилинг. Бу муомала ўз ичига моддий-маънавий фаолиятнинг барча турини қамрайди. Бошқача қилиб айтганда, санаб ўтилган тоифаларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлаш учун сайъ-ҳаракат қилиш, хизмат ва меҳнат қилинг, бу йўлда изланинг, бирор қадрли-қийматли махсул тақдим этинг.

Оятнинг давомида эса бундай қуллик тарк этилиши қандай бўлиши баён этилади:

«…Албатта Аллоҳ ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган неъматларни яширадиган мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди. Биз бундай кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (4:36)

Кўриб турганимиздек, «Мутакаббир ва мақтанчоқ бўлмасдан, атрофимиздаги инсонларга нисбатан ўз МАСЪУЛИЯТимизни англаган ҳолда муомала қилиш, яъни уларга ЯХШИЛИК қилиш, ЁРДАМ бериш, уларнинг ХИЗМАТида бўлиш – зиммамиздаги ҚУЛЛИК вазифамиз, яъни ИБОДАТимиздир.

Ибодат ва хизмат мафҳумлари орасидаги ўхшашликни қуйидагича англаш мумкин. Бир қулнинг ўз эгасига ҳизмат қилиши, ўз эгасидан буйруқ олиши, унинг буйруқларига кўра ишлаши, муомала ва ҳаракат этиши – унинг ўз эгасига ҲИЗМАТ қилишидир, ҚУЛЛИК қилишидир.

Қисқа қилиб айтганда, ибодат – «Эганинг буюрганидек харакат, муомала ва хизмат қилиш» демакдир.

«Ва Мен инс ва жинн (яъни барча махлуқотни) фақат Менга Қуллик қилсин дея яратдим» (Зориёт:56)
«Фақат Сенга қуллик қилурмиз ва фақат Сендан ёрдам сўрармиз» (Фотиҳа:5)
«Айт: «Мен фақат сизлар каби инсонман, фақат менга Илоҳингиз ягона илоҳ экани ваҳй қилинмоқда. Шундай экан, Раббига рўбарў бўлишдан умиди бўлса, солиҳ амал (ЯХШИЛИК ВА ТИНЧЛИККА ЙЎНАЛГАН ИШЛАР) қилсин ва Раббига Ибодатида/Қуллигида ҳеч кимни Унга ШЕРИК ҚЎШМАСИН» (18:110)

Тавсия этинг:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • RSS
  • Одноклассники

Sidebar