Xадис-Қуръон орасидаги 19 ихтилоф (Ваҳйнинг бошланиши)

Сана: 31.01.2017 / Рукн: Таҳлил

Аввал бу мавзудаги энг машҳур ва деярли барча сийрат дарсликларига асос қилиб олинган ривоятни эслатиб ўтамиз.

Урва ибн Зубайр Оиша онамиздан бундай деб нақл қиладирлар[1]:
«Дастлабки ваҳий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга уйқуларида соф туш тарзида нозил бўлган эрди [2]. Кейин, тонг шафағи янглиғ нурдан ўзгаси тушларига кирмай қўйди. Шундан сўнг, Расулуллоҳ ёлғизликни хушлайдиган бўлиб қолдилар [3]. Оилаларини тарк этиб, ёлғиз ўзлари Хироъ тоғидаги ғорга қаторасига бир неча тун тоат-ибодат қилиб чиқар эрдилар [4]. Шу боисдан ҳам ўзлари бирлан егулик олиб чиқиб кетар эрдилар. Егуликлари тугагач, Ҳадичанинг ҳузурларига келиб, яна таом олиб тоққа қайтар эрдилар. Ҳақиқатга етишгунларига қадар шундай қилавердилар. Бир куни одатдагидек Ҳироъдаги [5] ғорда ибодат бирлан машғул бўлиб ўлтирганларида ҳузурларига бир фаришта [6] келиб: «Иқраъ (ўқи!)» – деб айтди. «Ўқий олмасмен [7], дедим, – дейдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, – шу пайт ул мени бўға бошлади [8], ҳатто мен хириллаб қолдим. Кейин, мени қўйиб юборди-да, яна: «Ўқи!» – деди. Мен: «Ўқий олмасмен», – деб эрдим, ул мени иккинчи бор бўғишга тутинди [9], сўнг яна қўйиб юборди-да: «Ўқи!» [10] – деди. Мен эрсам: «Ўқий олмасмен», – деб жавоб қилдим. Ул учинчи марта бўға бошлади, мен тағин хириллаб қолдим. Кейин, қўйиб юборди-да: «Сени яратган раббингнинг, инсонни алақ (лахта қондан) яратган парвардигорингнинг исми ила ўқи, ўқи! Раббинг энг саҳоватлидир!» – деди!» Шундан сўнг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қўрқувдан аъзойи баданлари титраб-қақшаб [11] Ҳадича бинти Ҳувайлиднинг ҳузурига келдилар-да: «Мени ўраб (яшириб) қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!» [12] – дедилар. Улар Жаноб Расулуллоҳни қўрқувлари тарқалгунга қадар ўраб қўйишди. Сўнг, Ҳадичага бўлган воқеани айтиб бердилар-да: «Мен ўзимдан хавотир олдим (яъни, «Менга бирор нарса бўлиб қолмасайди» – деб қўрқдим»)» – дедилар. Ҳадича разияллоҳу анҳо бундай дедилар: «Йўқ, мутлақо ундай эмас. Худо ҳаққи, Оллоҳ таоло сизни ҳеч вақт шарманда қилмағай, сиз қариндош-уруғчилик муносабатларини йўлга қўйғайсиз, оғирни енгил қилғайсиз, йўқсилларни тўйдирғайсиз, меҳмон кутгайсиз ва ҳақиқий эзгуликларнинг рўёбга чиқишига саъйу имдод айлағайсиз». [13] Сўнг, Ҳадича онамиз Жаноб Расулуллоҳни ўзларининг амакиваччалари бўлмиш Варақа [14] ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззо ҳузурига олиб бордилар. Ул киши жоҳилия даврида насроний динини қабул қилган эрдилар. Ибронийча хат-саводлари бўлиб, Инжилдан Оллоҳ таоло истаганча ибронийча матнларни кўчириб ёзар эдилар. Ўзлари кекса ва кўзлари ожиз эрди. Ҳадича разияллоҳу анҳо Варақага: «Эй амакимнинг ўғли, биродарингизнинг гапига қулоқ осингиз!» – дедилар. Варақа: Эй, биродаримнинг ўғли, нималарни кўрдингиз, айтингиз!» – деди. Жаноб Расулуллоҳ нимаики кўрган бўлсалар, бирма-бир баён айладилар. Варақа Жаноб Расулуллоҳга қарата: «Бу, Оллоҳ Таоло Мусо алайҳиссаломга юборган (Номус) [15] ўша Хазрат Жаброилнинг ўзгинасидир. Кошки эрди, мен ёш бўлсам-у, (ислом) динига даъват қилмоқда иштирок этсам, сизни қавмингиз ўз орасидан қувиб чиқарган вақтда мен ҳаёт бўлсам!» [16] – деб айтди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хайратомуз: «Мени қавмим ўз орасидан ҳайдағайми?» – дедилар. Варақа: «Ҳа, шундай. Бу вақтга қадар бирор кимса менга сиз каби хабар келтирмаган эрди, гарчи келтирган эрсада, мен уни қайтариб юборган эрдим [17]. Сизга Оллоҳ таоло муяссар этғуси кунлар менга ҳам насиб этса, сизга амалий мадад берғумдир!» – деди. Лекин, Варақа кўп вақт ўтмай дорул-бақога риҳлат этди. Жаноб Расулуллоҳга бир мунча вақт ваҳий келмай қўйди [18]. (Бухорий[19]. Ваҳйнинг бошланиши боби, 3-ҳадис)

***

Қуръонга хилоф ўринлари

[1] Оиша р.а.дан ривоят этилгани тўғри бўлса, бу ҳадисдаги ҳодисалар биргина Оиша эслай оладиган даврларга ҳамда Пайғамбар а.с.нинг хонадонига тааллуқли бўлиши мумкин. Аммо бу ривоят Оиша р.а. номидан, гўё ҳодисага биргина Оиша гувоҳ бўлган каби баён этилган, аммо илк ваҳй йилларида яшаган ва ҳақиқатдан хабардор саҳобалардан негадир бошқа бирор ривоят йўқ. Ҳолбуки, илк ваҳй йилларида Оиша р.а. ҳали гўдак ёшларда эди.

[2] Илк ваҳйлар уйқуда нозил бўлмагани Қуръон ояти билан собитдир (Нажм:11-13).

[3] Ривоятдаги иддаолар тўғри бўлса, у ҳолда илк ваҳй Алақ сурасидан олдин нозил бўлган, ва барча ваҳйлар каби улар ҳам қайд этиб ёзилган ҳамда Қуръонга киритилган бўлиши керак эди. Ҳолбуки, бугунги мавжуд мусҳафларда бундай оятлар йўқ.

[4] Пайғамбарнинг тарки-дунё ва узлат ҳаёти яшагани Қуръонга зид. (Фурқон:7). Қуръонда Пайғамбарлар бозорларда айланадиган, яъни халқ билан аралашиб, ижтимоий ҳаётнинг марказидаги шахслар ўлароқ таърифланади (Фурқон:20).

[5] Қуръон оятларида Хиро ғори дейилган оят йўқ. Ваҳй ҳодисаси пайғамбарларда ўзаро ўхшаш экани айтилади («Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби, сенга ҳам ваҳий юбордик» Нисо:163). Бошқа пайғамбарларнинг қиссаларидан фақат Мусо а.с.га илк ваҳй қандай келгани қиссасини Муҳаммад а.с. ҳақидаги оятлар билан қиёслаб, ўзаро ўхшашликларини ўрганиб чиққанимизда шундай хулоса чиқади: Илк ваҳй Хиро ғорида эмас, балки Макка-Тоиф йўлидаги Масжид-ал-Ақсо’да, Жаннат-ул-Маъво номли боғда нозил бўлган.

[6] Яна Қуръон оятларидан шуни ўрганамизки, илк ваҳйни билдирган ҳам, Қуръоннинг барчасини ўргатган ҳам Раҳмон Таолонинг ўзи («Унга Куч-Қувват Соҳиби таълим бергандир» (Нажм:7) «Раҳмон Қуръонни таълим бергандир» (Раҳмон:1-2).

[7] Ўқий олмайдиган инсонни ўқишга буюриш, унинг тоқатидан ташқари ишга таклиф этишдир. Бу эса Аллоҳнинг ўзгармас қонунига қаршидир. («Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди» Бақара:282)

[8] Ривоятдаги энг жумбоқли ва хайратомуз саҳналардан бири мана шу – «бўғиш саҳнаси». Ваҳйга мухотаб инсонни нега энди бўғиш зарур бўлгани ва бунда қандай ҳикматлар борлиги, дарҳақиқат ғаройиб мавзу.

[9] Ўқишни билмайдиган кишини фақат бўғиш орқали ўқийдиган қилиш мумкинми? Бу бўғишлар қандай самара бергани ҳануз номаълум, чунки Пайғамбар бундан сўнг яна 23 йил умр кўради, яъни 23 йил инсониятга «Ўқи!» амрини таблиғ этади, аммо ўзи вафот этаётганида ҳалиям ўқиш-ёзишни билмас эди (?) Бу ривоятлар – Содиқул-Амин, яъни ўз даъватига аввало ўзи амал қилувчи Пайғамбарга қарши туҳматдир.

[10] Ривоятдаги яна бир жумбоқли ва ҳақоратомуз саҳналардан бири мана шу – учта ортиқча «Иқро!» Ҳадисчилар бу каби ривоятларни уйдиришган-у, аммо оддий мантиқ саволлари қаршисида найранглари фош бўлишига фаҳми етмаган чоғи. Чунки, ваҳй фариштаси – ваҳйга нуқсон ё илова қилмайдиган энг омонатли – фаришта эканини ҳисобга олсак, ривоят дини мана шу учта ортиқча «Иқро!» калимасини ҳам ваҳй эканини, ва бугунги мусҳафларга киритилмай қолганини қабул қилишлари вожиб бўлади. Буни қабул қилиш эса, Аллоҳ Ўзи нозил қилган ваҳйни Ўзи сақлаши ҳақидаги илоҳий ваъдага қарши туҳмат бўлади. «Албатта, бу Зикрни Биз Ўзимиз нозил қилганмиз ва шубҳасиз, уни сақлагувчи фақат Бизмиз» (Ҳижр:9)

[11] Пайғамбар қўрқувдан титраб-қақшамагани Қуръон ояти билан собитдир (Нажм:11-17)

[12] Айни «ўраб қўйинглар!» саҳнаси бошқа сура учун («Музаммил сураси» учун) «сабаби-нузул» ривояти сифатида ишлатилади.

[13] Агар бу ривоят тўғри бўлса, илк мусулмон бу – Пайғамбар а.с. эмас, балки Ҳадича р.а. эканини қабул қилиш керак бўлади. Ва ўз навбатида илк мусулмон – Муҳаммад а.с. экани ҳақидаги Аллоҳнинг қатор оятларини ҳам инкор этиш бўлади. «Айт: «Албатта мен Аллоҳга бўйсунгувчи кишиларнинг – мусулмонларнинг – аввалгиси бўлишга буюрилганман» (Анъом:14), «Ва мен мусулмонларнинг — бўйинсунгувчиларнинг аввали бўлишга буюрилганман» (Зумар:12) «Ва мен мусулмонларнинг аввалгисиман» (Анъом:163).

[14] Ривоятнинг бу еригача, Муҳаммад а.с.нинг ўзи пайғамбарлигига ишонганини билиб бўлмайди, аксинча, ҳатти-ҳаракатлари гўёки шак-шубҳа ичида қолган киши кабидир. Ривоятнинг сўнггигача ҳам ишонган деб бўлмайди.

[15] Мусо а.с.га Номус фаришта (?) келгани Қуръонга тамоман хилоф. Қуръондан шуни биламизки, Мусо а.с. билан Аллоҳнинг Ўзи бевосита сўзлашган. «Энди қачонки унинг олдига етиб келгач, у муборак жойдаги водийнинг ўнг тарафидан — дарахтдан унга нидо қилинди: «Эй Мусо, албатта Мен барча оламларнинг Парвардигори Аллоҳдирман» (Қасас:30) Бундан ташқари «Номус» номи фаришта эмас, балки юнон фалсафасидаги Nomos атамасининг арабча талаффузидир.

[16] Варақа ғайбни билмайди, ва келажакдан хабар беролмайди. «Айт: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳ билур» (Намл:65).

[17] Бундай хабарни олдин ким келтиргани ва уни нега ва қандай қайтариб юборилгани ҳақида ровий ҳеч гап айтмайди.

[18] Буни баҳонада бир «Фатрат» номли бир ваҳйсиз муддат уйдирилган, ва бунга сабаб сифатида турли бўлмағур ривоятлар тўқиб чиқарилган.

[19] Бухорий ривоятида бир қатор туҳматларни тасбит этдик. Яъни бир пайтнинг ўзида ҳам Аллоҳга, ҳам Китобига, ҳам Расулига қарши туҳматлар. Қуръонда бегуноҳ инсонларга қарши туҳмат қилганлар ҳақида «ҳеч қачон улар томонидан бирон гувоҳликни қабул қилманглар» (Нур:4) дейилади. Бу ривоятлар эса, гувоҳлигини қабул қилиш-қилмаслик эмас, аксинча, диннинг асосий манбаига айлантирилган.

Тавсия этинг:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • RSS
  • Одноклассники

Sidebar